Меню

Тил

Режим

ДОН ВА ДУККАКЛИ ЭКИНЛАР ИЛМИЙ-ТАДҚИҚОТ ИНСТИТУТИ ФАОЛИЯТИ ТЎҒРИСИДА

Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот иститути Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 25-августда 413-сонли қарори билан “Суғориладиган ерларда ғалла ва дуккакли ўсимликлар илмий-тадқиқот институти” ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 7-августдаги 344-сонли қарори билан унинг республика вилоятларида филиаллари ташкил этилган.

Суғориладиган ерларда юқори ва сифатли дон берадиган кузги юмшоқ ва қаттиқ, боҳорги буғдой ҳамда дуккакли дон экинларни минтақа шароитига мос навларини танлаш ва янги навларни яратиш, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги илмий-тадқиқотлар даражаси ва сифатини тубдан ошириш, ихтисослашган илмий-тадқиқот муассасалари, марказлар ва станциялар фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш, шу асосда республика қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича илмий-тадқиқотларни самарали бажариш ва олинган натижаларни ишлаб чиқариш амалиётига кенг жорий қилишни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014-йил 10-февралдаги “Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ-2125 сон қарори қабул қилинган. Ушбу қарорнинг 3-бандида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази таркибидаги етакчи илмий-тадқиқот институтлари сафидан бош ташкилотлар шакллантирилиб, институт “Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти”га айлантирилди. Ҳозирда Республикамизда бошоқли ва дуккакли дон экинлари ва бошқа ноаънанавий экинларни ривожлантириш йўналишида-Бош ташкилот сифатида фаолият кўрсатиб келмоқда.

Бош институтнинг Қашқадарё филиали ҳамда 12 та (Ғаллаорол илмий-тажриба станцияси, Маккажўхори селекцияси ва уруғчилиги илмий-тажриба станцияси, Тошкент илмий-тажриба станцияси, Сирдарё илмий-тажриба станцияси, Самарқанд илмий-тажриба станцияси, Наманган илмий-тажриба станцияси, Хоразм илмий-тажриба станцияси, Фарғона илмий-тажриба станцияси, Сурхондарё илмий-тажриба станцияси, Навоий илмий-тажриба станцияси, Бухоро илмий-тажриба станцияси, Қорақалпоғистон Республикаси илмий-тажриба станцияси) минтақавий илмий-тажриба станциялари фаолият кўрсатиб келмоқда.

Институт ва унинг вилоят филиал ҳамда илмий тажриба станцияларида жами бўлиб 163 та илмий ходимлар, шу жумладан 1 нафар РФА академик, 6 нафар фан доктори ва 27 нафар фан номзодлар ва 129 нафар илмий ходимлар фаолият юритиб келмоқда.

2019 йилнинг 24 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Ўзбекистон миллий университетида таълим ва илм-фан соҳаси вакиллари билан ўтказилган учрашуви илмий тадқиқот муассасаларида давлат илмий-техника дастурлари доирасида иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг мавжуд муаммоларини илмий асосда хамкорликда ечишга қаратилган ҳамда танловлар натижаларига кўра саралаб олинадиган мега-лойиҳаларни амалга ошириш алоҳида белгилаб берилди.

Институт ва унинг вилоят филиали ҳамда илмий-тажриба станциялари томонидан Давлат илмий-техника дастурлари доирасида лойиҳалар бажарилиб келинмоқда.

Институт ва унинг филиал ҳамда илмий тажриба станцияларида 2016 йилда 2642.2 млн сўмлик (2 та фундаментал, 16 та амалий, 6 та инновация лойиҳалари), 2017 йилда 2931.1 млн. сўмлик (1 та фундаментал, 17 та амалий, 7 та инновация лойиҳалари), 2018 йилда 3349.1 млн. сўмлик (1 та фундаментал, 16 та амалий, 8 та инновация) лойиҳалари амалга оширилган. Жорий 2019 йилда 1 та фундаментал, 16 та илмий-амалий ва 6-инновация грант лойиҳалари устида илмий-тадқиқотлар амалга оширилмоқда. Барча лойиҳаларни амалга ошириш учун жами 3 млрд 222 млн. 385 минг сўм. маблағ ажратилган.

Институт селекционер олимлари томонидан илмий-амалий, инновацион лойиҳалар доирасида шу кунгача кузги юмшоқ ва қаттиқ буғдойнинг 67 та нави яратилиб Республика қишлоқ хўжалик экинларини синаш Давлат комиссиясига топширилган. Синов натижаларига кўра 27 та юмшоқ ҳамда 6 та қаттиқ буғдой навлари Давлат нав синаш комиссияси томонидан синовдан ўтиб, патентлар олинган.

Соянинг Олтинтож, Ойжамол, Тўмарис МАН-60, Устоз ММ-60, Барака навлари, кунгабоқарнинг 6 та нав ва линиялари, маккажўхорининг 1 та дурагайи, жўхорининг 5 та навлари Давлат реестрига киритилган. 2018 йилда яратилган соянинг 2 та янги Ҳосилдор ва Гавҳар навлари Қишлоқ хўжалик экинлари навларини синаш Давлат комиссиясига топширилган.

Институтда яратилган кузги хўраки нўхатнинг Полвон ва Зумрад, кўк нўхатнинг Осиё-2001, кузги ясмиқнинг Дармон ва Сарбон, бурчоқнинг Ғурур навларини бирламчи уруғчилиги ташкил этилиб, шу асосда хўраки нўхат, кўк нўхат, ясмиқ, бурчоқ навларининг уруғликларини кўпайтириш ишлари белгиланган тартибда ташкил этилган.

2019 йил май ойида Ўзбекистон Республикаси интеллектуал мулк агентлигига томонидан махаллий шароитда яратилган кузги юмшоқ буғдойнинг янги 7 навларга патент олиш учун талабнома асосида “Гулбаҳор” навига №NAP 20180034, “Ёғду” навига №NAP20180035, “Давр” навига №NAP20180036, “Азиз” навига №NAP20180037, “Ўзбекистон-25” навига №NAP20180038, “Нодир” навига №NAP20180039, “Қадр” навига №NAP 20180040 кайд рақамлари олинди.

Институт томонидан ҳар йили кузги буғдойнинг 20 дан ортиқ янги навларининг оргинал бошланғич материал уруғликлари 450 тонна миқдорида тайёрланиб, Республиканинг барча вилоятларига уруғларни кўпайтириш учун илмий-тажриба станцияларига ва уруғчилик фермер хўжаликларига етказиб берилмоқда.

Дон ва дуккакли экинлар илмий тадқиқот институти ва унинг филиал ва илмий тажриба станцияларининг илмий қадрларни тайёрлаш ва мутахассисларни қайта тайёрлаш бўлимидаги жами изланувчилар сони 24 та, шундан 3 нафари докторант, 17 нафари таянч докторант, 4 нафари мустақил изланувчиларни ташкил этади.

Бош институтида “Олий ўқув юртидан кейинги таълим ҳамда олий малакалий илмий ва илмий-педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2012 йил 28 декабрдаги 365-сонли қарори асосида институтда 06.01.08-“Ўсимликшунослик” ва 06.01.05-“Селекция ва уруғчилик” ихтисосликлари бўйича қишлоқ хўжалик фанлари доктори ҳамда қишлоқ хўжалик фанлари бўйича фалсафа доктори илмий даражаларини олиш бўйича илмий қадрларни тайёрлаш ва мутахассисларни қайта тайёрлаш бўлими 2018 йил 4-апрелдан куни ташкил этилган бўлиб, 2019-2021 йиллар учун биринчи босқисга 1 нафар докторант ва 3 нафар таянч докторанлар тадқиқотлар олиб боришмоқда.

Илмий ҳамкорликда Краснодар ўлкасидаги П,П Лукьяненко номидаги Миллий Дон Маркази қишлоқ хўжалиги илмий тадқиқот институти, В.С.Пуставойт номидаги Бутунроссия мойли экинлардан илмий-тадқиқот институти, Саратовнинг “Юга-Востока” илмий-тадқиқот институти, “СОКО” компанияси олим-мутахассислари, ИКАРДА, Корея мамлакатининг Ўзбекистондаги «Копия” маркази олим мутахассислари билан қишлоқ хўжалик экинлари селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари соҳасида илмий ҳамкорликда илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда.

Россия Федерациясининг П.П.Лукьяненко номидаги Краснодар қишлоқ хўжалиги илмий-тадқиқот институти ўртасида илмий хамкорлик ишлари йўлга қўйилган. Натижада Краснодар ИТИ дан 2000 га яқин, Саратовнинг “Юга-Востока” илмий-тадқиқот институтининг 10 та, Ростовдаги И.Г.Калиненко номидаги ВНИИЗК дан 20 дан ортиқ, В.С.Пуставойт номидаги Бутунроссия мойли экинлардан илмий-тадқиқот институтидан соя ва кунгабоқарни 30 дан ортиқ нав ва намуналари, Сербия давлатининг “Нови сад” ИТИ дан 10 дан ортиқ нав ва намуналар институт олимлари томонидан ўрганиб экиб келинмоқда.

Хамкорлик шартномаларида Россия Федерациясининг В.С.Пуставойт номли Бутунроссия “Мойли экинлар” ҳамда П.П.Лукьяненко номидаги "Миллий дон маркази” қишлоқ хўжалиги илмий–тадқиқот институтларида малакали илмий ходимлар малака ошириш курсларида иштирок этиши белгиланган.

ДДЭИТИ

Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти

X
<
+
-